Матонатли спортчиларга давлат мукофотлари топширилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 сентябрь куни XVII ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашди. Тадбирда Миллий Паралимпия қўмитаси ва спорт федерациялари раҳбарлари, мураббийлар, спортчиларнинг ота-оналари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Маълумки, мазкур мусобақа 28 августдан 8 сентябргача Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтди. Унда 168 та давлатидан 4 минг 400 га яқин паралимпиячилар қатнашди. Ўзбекистондан 9 та спорт тури бўйича 65 нафар йигит-қиз иштирок этди. Олимпиадада бўлганидек, Паралимпия ўйинларида ҳам мамлакатимиз учун ютуқлар, рекордлар кўп бўлди. Вакилларимиз 10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза – жами 26 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида дунёда 13-ўринни, Осиё қитъасида 3-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади